Янги Ўзбекистонда ўқитувчи ва мураббийларга ҳурмат кўрсатиш, уларга ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, келажак авлодни етук ва билимли инсонлар этиб тарбиялашда ўқитувчининг ўрни беқиёс.
Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг мустақил ҳаётга киришиши учун барча шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги саводхонлигини ошириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда улкан ғалабаларга эришмоқда. Бунда ўқитувчи ва мураббийларнинг хизматлари катта. Бу ҳақда гапирганда, беихтиёр буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Фарзандларингизга нафақат бугун, балки келажакда ҳам фойдали бўладиган билимларни беринглар», деган сўзлари ёдга келади.
Ўқитувчининг касби ниҳоятда машаққатли бўлиб, юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда ақл бовар қилмайдиган куч ва ижодий ёндашувни талаб этади. Шу билан бирга, бу доимо «замонавий» бўлишга мажбур қиладиган, ёшликни узоқ йилларга кафолатлайдиган касб. Бунинг сабаби болалар билан мунтазам мулоқот қилишдир.
Ўқитувчи моҳир психолог бўлиши керак, шундагина у болани беихтиёр хафа қилмайди, унинг ўз қобиғига кириб қолишига йўл қўймайди. Кўпинча педагог ўз ўқувчиларини илҳомлантириш, билим чўққиларини забт этиш учун изланиш ва уларни тўғри ечимларга айлантириш мақсадида режиссёр ва рассом бўлиши лозим. Ва ниҳоят, ўқитувчи ўзига хос боғбон бўлиб, унинг истеъдоди ва маҳорати орқали болаларнинг қалби ва онгида қандай уруғлар етиштириш ҳамда келажакда қандай ҳосил беришини билиши керак. Бир масалда шундай дейилган: «Агар сиз йил давомида одамларга яхшилик қилмоқчи бўлсангиз буғдой экинг, ўн йил давомида яхшилик қилмоқчи бўлсангиз уларга таълим беринг».
Форс мутафаккири ва шоири Саъдий эса шундай деган: «Хоҳишсиз ўқиётган шогирд қаноциз қушдир». Бу сўзлар бугунги кунда ҳам долзарб. Жамиятнинг бугуни ва келажаги, маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг ривожланиш даражаси билан белгиланади. Таълим тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларнинг фидокорона меҳнатига боғлиқ эканини барчамиз яхши биламиз.
Яратилаётган имкониятлар туфайли бугунги Ўзбекистон ёшлари турли соҳаларда ўз билим ва салоҳиятини ёрқин намоён этиб, Ватанимизни бутун дунёда улуғламоқда.
Асрлар давомида инсоният фақат билим ва маърифат орқали гуллаб-яшнаши мумкинлиги исботланган. Шундай экан, ўқитувчилик ҳамма вақт энг улуғ ва ҳурматли касблардан бири бўлиб қолади.
Ғайратулла Шукуров,
ўз мухбиримиз.
