Желил Налчакан

Дадам бироз камгап ва қаттиққўл инсон. Масалан, бирон марта ҳам онамнинг қўлидан тутиб юрмаган ёки «сени яхши кўраман, онаси» деганини эшитмаганман. Фақат болалигимдан бери хотирамда қолган бир жиҳати бор. Ҳар доим уйдан чиқаётганда дадам онамнинг поябзали боғичини боғлаб қўярди. Кўчадан қайтганда ҳам, худди шундай, эгилиб оёқ кийимини ечишга кўмаклашарди.

Ўсмирлик ёшига етганимда бу ҳолат менга ғалати туюла бошлади. Чунки тоғдек келбатли инсонга эгилиб, кимнингдир поябзалини кийдириш ярашмасди, наздимда. 

Тенгдошларим ҳам пичинг қилиб куларди:

– Желилнинг дадасини қара...

Бир кун бор жасоратимни тўплаб, ундан сўрадим:

– Дада, нега бундай қиласиз? Онамнинг қўл-оёғи соғ бўлса, ўзи ҳам поябзалини кия олади-ку!

У менга маъноли қараб қўйди, сўнгра ним табассум билан:

– Ўғлим, онангни менга шу оёқлар келтирган, – деди.

Энди бу одам «яхши кўраман» деса нима бўлади? Демаса нима бўлади?

Умрида бир марта ҳам «сени яхши кўраман» сўзини ишлатмай туриб буни англатиш мумкинми? Мумкинмиш...

Турк тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.