Бир деҳқоннинг трактори бузилиб қолибди. Унинг ўзи, атрофдаги одамлар тракторни тузатишга қанчалик ҳаракат қилмасин, уддасидан чиқа олишмабди. Ахийри, мутахассисни чақиришга қарор қилибди.
Тез орада етиб келган уста тракторни кўздан кечириб, стартернинг ишлаётганига амин бўлибди. Капотни кўтариб, ҳар бир қисмни синчиклаб текширибди. Кейин бир болғани қўлига олибди-да, мўлжаллаб моторга қаттиқ зарб берибди. Мотор асло бузилмагандай тириллаб ишлаб кетибди.
Ишини якунлаган уста узатган ҳисобни қўлига олиб, унга кўз ташлаган деҳқоннинг кўзлари ҳайратдан катта-катта очилиб кетибди.
– Сен моторни болға билан бир марта шунчаки урганинг учун мендан 100 танга сўраяпсанми?
– Дўстим, – жавоб қилибди мутахассис, – бир зарб учун сендан бир танга сўрадим, қолган тўқсон тўққиз тангани керакли зарб бериш орқали мана шу носозликни бартараф этишга ёрдам берган билимларим учун оляпман.
Рус тилидан
Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
