Тоғу тошларда ўтин териб юрган бир одам баланд чўққидан бургутнинг тухумини топиб олибди ва уйига қайтиб, катакдаги курк товуғининг тухумларига қўшиб қўйибди. Вақт ўтиб, бирин-кетин жўжалар тухумни ёриб чиқибди. Митти бургутча ҳам уларнинг орасида вояга етаркан, худди товуқнинг болаларига ўхшаб борар, улар каби қағқағлаб, ердан чувалчанг ковлаб ер, қанотларини қоқиб қўяр, аммо учишни хаёлига ҳам келтирмасди.
Орадан йиллар ўтибди. Кунларнинг бирида анчагина улғайган бургут осмонда парвоз қилаётган мағрур бир қушни кўриб қолибди. Унинг қаддини эркин ва расо тутганча ҳаракатланишига, улкан қанотларини гоҳ-гоҳ қоқиб қўйиб, шамолларни ёриб ўтишига маҳлиё бўлиб узоқ тикилиб турибди. Сўнгра ушбу манзарага сеҳрланиб боққанча:
– Ким бу? – деб сўрабди.
– Бургут – барча қушларнинг қироли, – жавоб берибди ёнида турган товуқ. – У самога мансуб. Биз, хонаки қушлар эса – ерга...
Шу тариқа, бургут уй паррандалари каби яшабди ва улар каби вафот этибди. Чунки ўзининг ҳам шу наслдан эканига ишонарди.
Худди шундай, биз ҳам, одатда, ўз атрофимиздаги одамларга тобора ўхшаб борамиз. Шундай экан, ким билан мулоқот қилаётганингизга аҳамият қаратинг. Негаки, қанчалик истеъдодли ва нодир инсон бўлманг, истайсизми-йўқми, атроф-муҳит барибир сизга ўз таъсирини кўрсатади. Яқинингиздаги одамларнинг таъсир чегараси сизнинг қобилиятларингиз рўёбига халақит қилишига йўл қўйманг.
Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
