Денгиз бўйида бир оила дам олар, фарзандлар қумдан қаср ясашарди. Бирдан болаларнинг атрофида эски-туски либосда, қўлига халтали сумка илиб олган қари аёл ўралаша бошлади. У қум орасидан нимадир олиб, халтасига соларди. «Болалар, бу гадой кампирга яқинлашманг!» – дея бақирди она. Бу сўзларни эшитган кекса аёл табассум қилди ва нари кетди. Унинг сумкасида эса болаларни жароҳатламасин деб терган шиша синиқлари бир-бирига урилиб шиқирларди.

* * *

Бугун, ваниҳоят икки йиллик айрилиқдан сўнг рафиқам билан муносабатларни тиклашга эришдик ва кечки таомни бирга ейишга қарор қилдик. Кўп бахтли онларни хотирлаб, 4 соат қандай ўтиб кетганини ҳам сезмай қолибмиз. Кетишдан олдин эса у қўлимга қалин бир конверт тутқазди. Унинг ичида шу икки йил ичида ёзилган 20 дан ортиқ мактублар жам бўлганди. Конвертнинг устига бежирим ҳарфлар билан «Қайсарлигим ва ғурурим сабаб жўнатилмаган хатлар» деган сўзлар битилганди.

* * *

Баъзан инсонлардан шу гапларни эшитиб қоламиз:

– Қачонлардир ортга назар солиб, айнан шу вазиятни хотирлар экансиз, беихтиёр кулиб қўясиз.

Мен улардан сўрайман:

– Кутишга не ҳожат?

Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.