Халқ бисотидан


Бир куни бадавлат ота ўзларининг қанчалик яхши яшашини ўғлига исботлаш учун уни қишлоққа олиб боришга қарор қилибди. Бу билан у одамларнинг нақадар камбағалликда ҳаёт кечиришини кўрсатмоқчи бўлибди.

Улар қишлоқда бир кечаю бир кундуз қолишибди. Уйларига қайтгач эса, ота ўғлидан сўрабди:

– Сафаримиз қалай, сенга ёқдими? Кўрдингми, одамлар қанчалик қашшоқликда яшайди?

– Ҳа, кўрдим.

– Сафар давомида нималарни ўргандинг?

– Мен уйимизда атиги битта ит борлигини, уларнинг ҳудудида эса кўплаб итлар югуриб юрганини, ҳовлимиз яқинида битта бассейн бўлса, уларнинг атрофида чек-чегарасиз кўрфаз борлигини кўрдим. Биз боғимизни бир қанча чироқлар билан ёрицак, уларнинг боши узра туни билан юлдузлар нур сочиб тураркан. Бизнинг орқа ҳовлимизда бутасимон манзарали ўсимликлар кўп бўлса, уларнинг бепоён ўрмонлари ва уфқ чизиғигача тортилган ям-яшил майсазорлари бор экан.

Бу гаплардан сўнг ота лом-мим дея олмай қолибди. Ўғил астагина қўшимча қилибди:

– Раҳмат, дадажон, ўзимни нақадар камбағал яшашимни ҳис этишга ёрдам берганингиз учун.

Рус тилидан

Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.