Бу етарлича баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган савол. Ўсмир ёшидаги болаларнинг мушаклари катта ёшли одамникидан анча фарқ қилади. Унда сув кўп, ёғ ва оқсил эса камроқ бўлади. 16–18 ёшларда тананинг жадал ривожланиши кузатилади: суяклар пайларга, мушаклар суякларга нисбатан тезроқ ўсади. Мустаҳкам қотишга улгурмаган «янги» мушаклар ва таянч-ҳаракат аппарати жуда нозик бўлади.

Бундан келиб чиқадики, барча юкламаларни ниҳоятда диққат ва синчковлик билан меъёрлаш лозим. Ўспирин ва уларнинг мураббийлари олдида турган асосий вазифа – ёш организмни ортиқча юкламаслик. Одатда, спорт залига келган ўсмирлар қисқа муддатда мушакдор атлетга айланишни орзу қилишади ва натижада танасига мос бўлмаган оғирликни кўтариб, пай ва мушакларни ортиқча зўриқтиришади. Бу эса бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради. Оқибатда узоқ вақт саломатликни тиклашга тўғри келади. Малакали ва тажрибали мураббий нафақат машқларни тўғри бажариш техникасини кўрсатиб бериши, балки машғулотларга қандай тайёрланиш, мушакларни қиздириб олиш, қўл-оёқларнинг чигилини ёзиш учун қайси ҳаракатларни бажариш лозимлигини ҳам тушунтириб ўтиши зарур.

Ёдингизда бўлсин, ортиқча жисмоний юклама ривожланаётган организмга ўз таъсирини ўтказади, катта куч сарфи эса ўсиш жараёнини тўхтатиши ёки секинлатиши мумкин. Бундан ташқари, бемаврид ва ортиқча кўтарилган юк кўп ҳолларда умуртқа чурраси юзага келишига сабаб бўлади.

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.