Кунлардан бирида ўзим жуда ҳурмат қиладиган оқил бир танишимдан сўрадим:
– Нима учун яқинларимиз қариган чоғида тоқат қилиб бўлмас феъл-атворга эга бўлиб қолишади? Ахир, айнан уларнинг қилган иши ва гап-сўзлари қалбимизга жуда оғир ботади. Улар эса буни била туриб, бизни руҳан қийнашда давом этишади. Буям етмагандек, азоб чекаётганимизни кўриб, бундан алоҳида ҳузур олишади.
Шунда у менга жавоб қайтарди:
– Биласанми, инсон ҳаёти давомида икки карра ўтиш даврини бошидан кечириб, яқин кишилари учун «феъли оғир» одамга айланади. Ёшликда мустақил ҳаётга қадам босиш олдидан баъзи ўсмирларнинг табиати салбий тарафга ўзгаради. Ота-она эса фарзандининг ҳар қандай номақбул хатти-ҳаракатига чидаб, унга тўғри йўл кўрсатишга, ўринли насиҳат ва маслаҳат беришга ҳаракат қилади. Қариганда яқинларимизнинг кўнгли нозик ва жиззаки бўлиб қолишига сабаб иккинчи ўтиш даври бўлиб, бу пайтда улар бизни видолашувга тайёрлайди. Кўпгина кексаларнинг назарида, қадрли инсон билан сўнгги йиллар қанчалик азобли бўлса, хайрлашув ҳам шунча осон кечади. Шуни инобатга олган ҳолда, бу даврда қарияларни тушунишга ва ҳурмат қилишга ҳаракат қилишимиз, улар ўсмирлик йилларимизда бизга қанчалик меҳр ва сабр-тоқат билан муомала қилган бўлса, биз ҳам ўз бурчимизни муносиб тарзда адо этишимиз лозим.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
