Хориж тажрибаси

Ақшда коррупсияга қарши қонунлар қатъий. Ушбу жиноятлар учун қонунчиликда қаттиқ жазолар кўзда тутилган. Масалан, пора олган ёки бировнинг ноқонуний битимига ёрдам бериб, даромадига шерик бўлган шахс поранинг уч баравари миқдорида жарима тўлайди ёки 15 йилга қамалади. Баъзан ҳар иккала жазо тури бирваракайига қўлланилади. Бундай жиноят оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, айбдор 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. 

Бировни федерал давлат хизматига жойлаштириш учун пул ёки моддий қимматликлар тама қилиш ҳам коррупсиянинг бир кўриниши ҳисобланади. Бундай қилмиш учун бир йил қамоқ ёки талаб қилинган ёхуд олинган пул миқдорида жарима назарда тутилган. Судя ҳар икккала жазони бирданига тайинлаши ҳам мумкин. 

Ушбу мамлакатда мансабдор шахсларга дахлсизлик ҳуқуқи, яъни иммунитет деярли тақдим этилмайди. Ҳар қандай мансабдор шахс, ҳатто конгрессменлар, сенаторлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Фақат аввал белгиланган тартибда лавозимидан четлатилади. 

Коррупсиявий жиноятларнинг олдини олиш учун профилактик усуллардан самарали фойдаланилади. Маъмурий ахлоқ-одоб нормалари шулар жумласидандир. Дастлабки Давлат хизмати одоб-ахлоқ кодекси 1958 йилда Конгресснинг резолюцияси шаклида қабул қилинган эди. 1962 йилда Конгресс «Сайланадиган мансабдор шахслар (парламентнинг ҳар иккала палатаси аъзолари)нинг ва ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг расмий ахлоқий нормалари»ни қабул қилди. 1965 йилда Президент Л. Жонсоннинг фармойиши билан мансабдор шахсларнинг ахлоқ-одоб стандартлари ва меъёрлари тасдиқланди. 1978 йилда ушбу қоидалар «Давлат органлари хизматчиларининг одоб-ахлоқи тўғрисида»ги қонун шаклини олди. Мазкур йўналишдаги ҳуқуқий база ХХ асрнинг охирларида янаям такомиллаштирилди. 

Ақшда давлат хизматчиларининг қўшимча даромади лавозим маошининг 15 фоизидан ошмаслиги керак. Бу чеклов Сенат аъзоларидан бошқа барча мансабдор шахсларга тааллуқли. Президент томонидан тайинланадиган ходимларга бутун хизмат фаолияти давомида бевосита вазифалари билан боғлиқ бўлмаган қўшимча даромад олиш умуман тақиқланади. 

Агар совғанинг нархи йил давомида 100 доллардан ошадиган бўлса, АҚШ сенатори, Сенатнинг аппарати ходимлари хусусий жисмоний ва юридик шахслардан улар манфаатдор бўлган қонунларни маъқуллаш учун бундай совғаларни қабул қилиши керак эмас. Умуман, сенаторларга бошқа манбалардан (қариндошларидан ташқари) йил давомида жами 300 доллардан ошадиган совға-салом олиш тақиқланади. Бошқа мансабдор шахсларга ҳам шу каби чеклов ўрнатилган. 

Собиқ давлат хизмати ходимларига тааллуқли чекловлар ҳам мавжуд. Бу чекловларга улар истеъфога чиққанидан сўнг икки йилгача амал қилишлари лозим. Масалан, уларга илгари ўзлари ишлаган давлат органи олдида кимнинг манфаатини ҳимоя қилиш тақиқланади. 

Бобомурод ТОШЕВ тайёрлади.