Халқ бисотидан
Бир денгизчи кема ҳалокатига учраб, якка ўзи кимсасиз оролгача сузиб борибди. У ерда ноилож қолганини англаб, яшаш учун шароит ярата бошлабди ва кема қолдиқлари билан бирга соҳилга оқиб келган бир қанча фойдали буюмларни тўплашга эришибди. Мачта ва бошқа ёрдамчи материаллардан ўзига кулбача қурибди. Сўнгра егулик топиш учун ўрмонга йўл олибди.
Оролда жон сақлаш кўп вақт ва куч-қувват талаб қиларди. Денгизчи ҳеч қаердан ёрдам кутмас, соҳилда муқим ўрнашиш ҳаракатини қиларди.
Аммо бир куни ўрмонда юрганида оролда шиддатли шамол турибди, қисқа вақт шаррос ёмғир ёғиб ўтиб, момақалдироқ чақнабди ва унинг яшинларидан бири улкан дарахтга тушиб, бунинг оқибатида ёнғин чиқибди. Ўз бошпанаси томон шошиб келган денгизчи кулбаси олов ичида қолиб, ундан қуюқ қора тутун кўтарилаётганига кўзи тушибди. Шўрлик ўтириб олиб, аламдан йиғлай бошлабди. Фалокат яна бир карра унинг умидларини пучга чиқарганди.
Бир оздан сўнг бошини кўтариб, денгиз томон боқди. У ердан барча елканларини кўтарган ҳолда бир кема соҳилга яқинлашар, бортдаги матрослар эса аллақачон сувга қутқарув қайиқларини тушира бошлаганди.
– Мени қаердан топдингиз? – ҳайрон бўлиб сўрабди денгизчи.
– Бизни чақириш учун ёққан гулханинг оташи ва тутунини кўрдик, – дея жавоб қилибди кемадагилар.
Кўпинча ўзимизга ўзимиз ёрдам бера олмай, қўлимиздан фақат тақдирдан нолиш ва кўз ёш тўкиш келади, холос. Аммо баъзан ҳаётимизга шундай ҳолат ва вазиятлар аралашадики, натижада улар ҳам умримиз ҳодисалари занжирига тизилади. Ўз ҳаёт занжиринг бўғинларини тўғри тиз ва омад ҳамиша сен билан бўлади.
Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
