1961-йилнинг 12-апрел куни фазогир Юрий Гагарин инсоният тарихида космосга биринчи парвозни амалга оширди. У «Восток» фазовий кемасида «Бойқўнғир» космодромидан парвоз қилиб, 1 соату 48 дақиқада Ер сайёрасини бир марта айланиб чиққан, Коинотга парвози учун унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2011-йил 7-апрелдаги резолюцияси билан мазкур сана Бутунжаҳон авиация ва космонавтика куни сифатида дунё миқёсида нишонланиб келинмоқда.
Ўзбекистон ҳам космонавтика ривожига сезиларли ҳисса қўшган. Жумладан, Қозоғистондаги «Бойқўнғир» космодроми қурилишида ўзбеклар фаол иштирок этишган. У ерга республикамиздан алоқачилар, қурувчилар ва бошқа мутахассислар юборилган.
Шу ўринда фазогир Владимир Жонибеков ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. У 1942-йил 13-майда ҳозирги Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Искандар қишлоғида дунёга келган. Отаси ҳарбий, онаси ҳамшира бўлган. «15 ёшга кирганимда илк бора самога сунъий йўлдош учирилди. Шу ондаёқ менда коинотга учиш орзуси пайдо бўлганди» – деб эслайди В. Жонибеков ўз хотираларида. Бўлажак фазогир, физика, астрономия фанлари ва рассомчилик санъатига қизиққан. Барча фанларни пухта ўзлаштириб, мактабни олтин медалга битирган. 1953-1958-йиллари Тошкентдаги Иивга қарашли Суворов номидаги ҳарбий билим юртида ҳам ўқиган.
В. Жонибеков беш марта фазода бўлган (барча парвозларини умумий ҳисоблаганда, космосда 145 кун 15 соат 58 дақиқа 29 сония) ўзбекистонлик биринчи космонавт ҳисобланади. У энг узоқ давом этган – бешинчи парвози (1985-йил 6-июн – 26-сентабр)да «Союз Т-13» кемаси капитани сифатида «Салют-7» орбитал стансияси устидан назоратни тиклаш учун юборилган ва 115 суткада ортга қайтган. Таъкидлаш керакки, у илк коинотга кўтарилишини 1978-йил 10–16-январ кунлари амалга оширганди. Икки бор Совет Иттифоқи Қаҳрамони бўлган
В. Жонибековга 1985-йили «авиация генерал-маёри» унвони берилган. Ўз номини мангуга муҳрлаган фазогир интервюларининг бирида Ўзбекистонда машҳур бўлган ғўзанинг икки хил навлари уруғини фазода экиб, тупроқни ёриб чиққан 20 та уруғни кўксига солиб олиб тушганлигини ҳам таъкидлаган. 1985-1990-йилларда Ўзбекистон ССР Олий Советининг депутати сифатида ҳам фаолият юритган. Коинотдаги 3170-сонли кичик сайёра унинг номи билан аталади.
1984-йилда Тошкентдаги «Космонавтлар» метро бекати ёнида тирик афсона Владимир Жонибековнинг ҳайкалтарош Яков Шапиро томонидан яратилган бронза бюсти ўрнатилган. Табаррук 80 ёшга тўлиши муносабати билан эса у 2022-йилда Ўзбекистон Президентининг фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан мукофотланган.
Бугунги кунда В. Жонибеков Россиянинг Москва вилоятида истиқомат қилади ва Ўзбекистонга тез-тез келиб туради. Сирдарё вилояти Ширин шаҳридаги мактаблардан бирига ҳам Владимир Жонибеков номи берилган.
Аброр ПОЁНОВ тайёрлади.
