Она эндигина олти ёшга кирган қизалоғини мактабга олиб келибди. Суҳбат чоғида ўқитувчи ундан нечта йил фаслини билишини сўрабди. Қизча бир муддат ўйланиб, сўнгра ишонч билан:
– Олтита! – дея жавоб қилибди.
Мактаб директори ним табассум билан оҳиста сўрабди:
– Яхшилаб ўйлаб кўрсанг-чи? Қани, яна бир бор уриниб кўр...
Қизалоқ хаёлга чўмибди, узоқ ўйланибди ва кўзларини катта-катта очиб жавоб қайтарибди:
– Чин сўзим, бошқасини эслай олмаяпман... Олтита!
Директор ҳаяжондан юзи қизариб кетган онага маъноли боқиб, бир йўталиб қўйибди, сўнг улардан бир-икки дақиқага ташқарига чиқиб туришларини сўрабди.
Ҳовлида бироз аччиқланган она фарзандига юзланибди:
– Бу нимаси энди? Ахир, бу саволга жавобни билар эдинг-ку!
– Ойижон, узр сўрайман, – дебди кўзларида ёш милтиллаган қизча, – Лекин чиндан ҳам бошқасини эслай олмаяпман. Фақат Вивалди, Гайдн, Пяццолла, Лусе, Чайковский ва Глазуновнинг «Йил фасллари» ёдимда, холос...
Она эса унга хавотирли боқиб дебди:
– Қизим! Десятников, Кейж-чи? Улар эсингдан чиқдими?..
Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.
