Бир қанча рекордлари билан қайд этилган ушбу мураккаб кўприкни ҳақли равишда индустрия оламининг асосий мўжизаларидан бири деб аташ мумкин. Тар деб аталмиш дарё бўйидаги кенг воҳа бўйлаб қад ростлаган мазкур иншоот туфайли Париждан Безе шаҳарчасига узлуксиз ва тезкор ҳаракатланиш таъминланади.
Кўприк 2004 йилда тантанали равишда очилган бўлиб, у ҳатто “Эйфел” минорасидан ҳам баланд, яъни энг катта устуни 341 метргача етади. 8 та мустаҳкам устун ушлаб турган ва пўлат арқонлар ёрдамида маҳкамланган елкансимон тўсиқлардан иборат кўприкнинг йўл кўтармаси оғирлиги – 36 минг тонна, кенглиги 32 метр, узунлиги 2,5 километр.
Уч йил мобайнида қуриб битказилган Виадук Миёни кўриш учун ташриф буюрган аксарият сайёҳларни «Париждан шунчаки кичик бир шаҳарчага олиб борадиган бундай қиммат ва техник жиҳатдан мураккаб кўприкни қуришнинг нима кераги бор эди?» деган савол қийнайди. Уни қуришдан мақсад битта – мавсумга кўра катта тирбандликлар юзага келадиган ва Франция бўйлаб сайр қилувчи сайёҳлар, шунингдек, юк машинаси ҳайдовчилари соатлаб бир жойда туриб қоладиган миллий трасса юкламасини камайтириш бўлган.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
