Донишманддан сўрашибди:

– Сиз ўта хотиржам инсонсиз, бунинг сири нимада?

– Шунчаки, оддий ҳаёт тарзини олиб бораман, – жавоб қилибди қария. – Бу мен учун интизомга айланган. Овқат маҳали тамадди қиламан, ухлашга ётиб, ухлайман, иш билан шуғулланганимда иш билан банд бўламан.

Атрофдагилар ажабланишибди:

– Лекин мен бунда ҳайратланарли ҳеч нарса кўрмаяпман, – дебди улардан бири. – Ахир, бу ишларни ҳамма қилади: овқат маҳали овқатланади, уйқу вақтида ухлайди.

Донишманд кулиб юборибди ва шундай дебди:

– Йўқ, сиз тамадди вақтида ҳам минглаб нарсаларни амалга оширасиз, хаёл сурасиз, орзуга бериласиз, тасаввур қиласиз, хотирлайсиз, яъни фақат тамадди билан банд бўлмайсиз ва натижада ҳеч бири мукаммал бўлмайди. Мен эса таом келтирилганда фақат овқатланаман ва бошқа нарсага чалғимайман. Сайрга чиқиб, фақат сайр қиламан ва унинг завқидан тўлиқ баҳраманд бўламан. Ҳар бир ишни амалга ошираётганда, айнан унга эътиборни жамлаш ва бу амалдан баҳра олиш инсон руҳияти учун жуда муҳим. Бу уни сокинлаштиради, ортиқча асабийлик келиб чиқишига йўл қўймайди. Ҳар бир иш меъёрида бажарилади. Хотиржам ҳаёт кечиришнинг ҳақиқий сири мана шунда!

Рус тилидан Гулчеҳра АЗИМОВА таржимаси.