Фантаст ёзувчи Герберт Уэллс (1866–1946) ўзининг «Вақт машинаси» дея номланган илк романи биланоқ машҳур бўлиб кетган. У аслида биолог бўлиб, 76 ёшида фан доктори даражасига эришган.
Адиб биологиядан бошқа табиий, аниқ фанлардан ҳам чуқур билимга эга эди. Шунинг учун бўлса керак, замонлар оша келажакка назар ташлай олган. Жумладан, инсоннинг Ойга парвоз қилишини, Иккинчи жаҳон урушини, симсиз алоқа кашф этилишини ва бошқа бир қатор янгиликларни олдиндан башорат қилган.
Ижодкор умри давомида 40 дан ортиқ роман, бир неча қисса ва ҳикоялар, 10 та фалсафий асар яратган. Унинг сиёсий ва ижтимоий башоратлари ҳам 30 жилдга яқинлашади. Адиб болалар учун ҳам 3 та китоб ёзиб улгурган.
Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ёзувчининг романларидан бирининг бош қаҳрамони – кўринмас одамга ҳайкал ўрнатилган. У Редярд Киплинг, Артур Конан Дойл каби таниқли адиблар билан дўст тутинган.
Герберт Уэллс расм чизишни ҳам яхши кўрган. У одатда қўлёзмаларининг ҳошиясига сурат солган. Ҳатто унинг чизган суратлари вафотидан анча кейин алоҳида китоб ҳолида чоп этилган.
Ойдаги кратерлардан бири унинг номи билан аталади. Адибнинг номзоди 4 мартаба Нобел мукофотига даъвогарлар рўйхатига киритилган. Лекин унга ушбу нуфузли мукофотни олиш насиб этмаган.
Бобомурод ТОШЕВ тайёрлади.
