Эътибор қилинса, аждодларимизнинг барчаси ҳалоллик ҳақида гапирган ва ана шу ақидага риоя этганлар. Газетхонларга ота-боболаримизнинг ҳалоллик ҳақидаги ўгитларидан мисоллар келтиришга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайман. Қолаверса, ижтимоий тармоқларда бундай нақлларни бериб «лайк» йиғаётганларнинг санаб адоғига етолмайсан, киши.
«Ҳалол»нинг антоними, яъни зиди «ҳаром» саналади. Кўпчилик «Ҳаромдан ҳазар қиламан», дейди. Шунинг учун ҳам жамиятда ҳаромхўрлик – бировнинг ҳаққини ейиш, пора олиш каби иллатларга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда. Баъзида ҳаромхўрлик туғма иллат эмасмикин, деб ўйлаб қоламан. Негаки, дуппа-дуруст, илмли, маданиятли раҳбарлар давлатнинг ёки ўзганинг мулкига хиёнат қилишади. Гарчи, ижтимоий муҳитга ибрат ниҳоятда зарур бўлса-да, илмли, ҳалол кишиларнинг кам бўлиши жамиятга наф келтирмайди.
Шуни унутмаслик лозимки, ҳалол кишиларга ҳасад қилувчилар кўп бўлади. Ҳалоллик жамиятнинг, аниқроғи, минтақа аҳолисининг турмуш тарзига айланмагунча, бу борада барқарорликка эриша олмаймиз. Айрим давлатлар, жумладан, Япония ва Сингапур тажрибаси фикримизга исбот.
Хўш, бунинг учун нима қилиш керак? Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатидан ушбу саволга батафсил жавоб топиш мумкин. Шавкат Мирзиёев коррупсияга қарши курашиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида жамиятда «ҳалоллик ваксинаси» яратилиши лозимлигини таъкидлаганди. Бу ваксина битта идора ёки бир касб эгалари билан эмас, балки жамият томонидан шакллантирилади.
Айтайлик, енгил машинада кетаётиб турли йўл белгиларига дуч келасиз ва ундан турли тезликда ўтасиз. Светофорнинг қизил чироғи ёнса, албатта, тўхтайсиз. Лекин ҳалоллик майдонида ҳеч қандай белги ёки кўрсаткич йўқ. Ҳалоллик мамлакатнинг ҳар бир бурчагида баб-баравар, кеча-ю кундуз амал қилиниши лозим бўлган қоида.
Нозиклиги шундаки, у нимадандир қўрқув асосида эмас, балки ҳар бир кишида эҳтиёж, кўникма сифатида намоён бўлиши шарт. Кўникма ва эҳтиёж, табиийки, болаликдан, оила муҳитида шаклланади. Чунки полапон уясида кўрганини қилади.
Комил ишонч билан айтиш мумкинки, бизда бу «ҳалоллик ваксинаси»га хизмат қилувчи тизимнинг пойдевори қўйилди.
Биринчидан, ҳар жабҳада рақамлаштириш жадал боряпти. Хулосалар, рейтинглар инсон омилисиз чиқариляпти.
Иккинчидан, ошкоралик янги босқичга ўтди. Бугун раҳбарлар фаолиятига жамоатчилик баҳо бераяпти ва бу баҳолар давлат томонидан инобатга олиняпти. Ҳуқуқ-тартибот идораларига ишга олишда номзоднинг маънавий савияси синаб кўрилаяпти.
Учинчидан, соҳалардаги бюрократик тўсиқлар қонун йўли билан барҳам топяпти.
Тўртинчидан, халқ вакили бўлган депутатлар ва маҳалла ваколати кенгайтирилди. Жумладан, «Ташаббусли бюджет» аҳолининг фаоллиги ва назоратига имкон яратди. Ижро ҳокимияти идоралари раҳбарлари маҳаллий Кенгаш ва жамоатчиликка фаолияти юзасидан ҳисобот беряпти.
Бешинчидан, аҳоли мурожаатларини ўрганишдаги рақамлаштириш, рейтинг тизими ва очиқлик одамларнинг адолатли сиёсатга ишончини оширяпти.
Олтинчидан, оилавий муҳитни соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда. Болаларни боғчаларга қамраб олиш мамлакат бўйича 80 фоизга яқинлашди. Китобхонлик ҳаракати оммалашди. Соғлом бола туғилиши назоратга олинди. Тўгараклар фаолияти жонланди. Иқтидорли фарзандларимизнинг ютуқлари рағбатлантириляпти.
Мисол учун, Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғининг буйруғи билан бошқармада «2026-йил – ИИБ ходимларини ўқитиш йили», деб белгиланди. Малакали мутахассислар йил бошидан буён тизим ходимлари учун уч марта «мастер-класс» машғулотлари, яъни маҳорат дарслари ўтишди. Машғулотларда, табиийки, маънавият, интизом, ҳалоллик, адолат тушунчалари тарғиб қилинди.
Бундан ташқари, интизомий жазога тортилган ёки аксинча, рағбатлантирилган ходимларнинг ҳаракати ота-оналар, оила аъзолари иштирокида муҳокама қилинди. Ходимлар ўртасида «Энг яхши китобхон», «Фидойи аёл ходима» танловлари, «Заковат» интеллектуал ўйинлари уюштирилди.
Ҳуқуқ-тартибот мутасаддилари ҳудудлардаги аҳоли билан учрашиб, сайёр қабуллар ташкил этмоқда. Ҳар душанба ИИБ тизимида маънавият ва маърифат дарслари ўтказиляпти. Хулқ атворида кескин салбий ўзгариш аломатлари бўлган ходимлар билан якка тартибдаги тарбиявий суҳбатлар йўлга қўйилган. Бундай тадбирлар шахсий таркиб ўртасида ҳалоллик муҳитини яратишга хизмат қилаётир. Бу каби тизимли чора-тадбирларнинг мамлакатимиз бўйлаб ҳар бир ички ишлар органларида олиб борилиши албатта самара беради.
Ҳалоллик – эътиқодга яқин туйғу. Инсонда иймон, виждон, одоб уйғун бўлиши шарт. Ҳалоллик ана шу хислатлар туфайли шаклланади.Мисол учун, машина ойнасидан кўчага музқаймоқ, сув ёки ширинлик идишини улоқтирган киши ҳалол бўлолмайди. Қинғир йўл билан мол-дунё тўплаб, унинг бир қисмини камбағалларга ҳадя қилган давлатманд ҳам ҳалол эмас. Касбини, бурчини уддаламаган ходимни, боласини йўлнинг белгиланмаган жойидан етаклаб ўтган ота-онани, топган-тутганини ҳашаматли тўй ёки зиёфатга сарфлаган кибр эгасини ҳам ҳалол, деб бўлмайди.
Мавлоно Фаридуддин Атторнинг ривоят қилишича, шайхлардан бирини шогирди кечки тановулга чорлабди. Кўп йил таълим-тарбия бердингиз, шукр, бу кун мартабага эришдим, суҳбатингизни олмоқчиман, дебди. Шайх борибди. Овқатдан сўнг мезбон:
– Бир садоқатли, камтар, ҳалол шогирдим бор. Анча вақтдан бери менга атаб бир қўй боққан экан. Шуни кеча юборган экан.
Шайхнинг авзойи ўзгарибди, «Астағфуриллоҳ», деб ташқарига чиқибди. Еган таомини қайт қилиб, уйга кирибди ва шогирдига дебди:
– Укажон, маъзур тутгайсиз, камина ўзингиз уйда ҳалол боққан қўйнинг гўшти, деб ўйлабмен. Шогирдингиз юборган гўшт мен учун ҳалол эрмас. Чунки унга меҳнатим сингмаган. Сизга ҳам маслаҳатим шу: ўз маблағингизга сотиб олмаган ёки меҳнатингиз сингмаган неъматни тановул этманг. У эътиқодингизни йўққа чиқаради...
Ҳалолликнинг энг ёмон душмани – бу инсондаги ҳой-у ҳавас. Касбини ҳар қанча мукаммал эгалламасин, ҳашаматга ружу қўйган киши ҳалол умр кечира олмайди. Атоқли шоир Махтумқули: «Ҳалоллик кўзларга нур бағишлайди», деган. Бу бежиз эмас. Инсонга унинг ҳалоллиги ҳаловат бахш этади. Бу ҳаловатни сезганларнинг эса шу сийратдан кўзлари яшнайди. Ана шундай саодатга интилиб яшайлик, азизлар!
Фармон ТОШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
